Жиноятчиликни жиловлашда ҳамжиҳатлик керак

Жиноятчиликни жиловлаш осон иш эмас. Уни содир этилишининг турли омиллари бор. Бу лоқайдлик, эътиборсизлик, хотиржамлик, менга нима қабилида иш олиб бориш. Бир қараганда ҳамма билувчи ҳолатлар. Бу ҳақида жуда кўп ва хўп гапирамизу, афсуски, уларни бартараф этишнинг имкониятини топа олмаётгандекмиз. Тўғри, соҳа ривожи йўлида амалга оширилган амалий ишлар натижасида Фарғона вилоятидаги 730 та маҳаллада жиноят содир этилмади, 35 та маҳаллада жиноят барқарорлиги сақланган бўлиб, 6 та маҳаллада жиноятлар камайишига эришилди. 
Бир қараганда ҳамма иш кўнгилдагидек. Жойларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, унга элтувчи омилларни аниқлаш мақсадида кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди. Лекин булар бугунги кун талаблари учун етарли деб бўлмайди. Шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт тарзи, янгидан янги талаблар, муаммоларни ўртага олиб чиқмоқда.

Вилоятнинг айрим ҳудудларида жамоатчилик билан ҳамкорлик асосида олиб борилаётган ишлар яхши йўлга қўйилмаганлиги оқибатида жорий йилнинг 4 ойида жиноятчилик билан боғлиқ умумий ҳолатлар 935 тага ошган. Содир этилган жиноятлар таҳлил қилинганида қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўғрилик, фирибгарлик, безорилик, автотранспорт воситасини олиб қочиш билан боғлиқ ҳолатлар бирмунча кўпайган. Бу борадаги кўрсаткич Фарғона шаҳрида ҳамон юқорилигича қолмоқда. Бу ерда оғир турдаги жиноятлар 35 тадан 118 тага, ўғирлик 18 тадан 82 тага ошган. Нега, нима учун?

– Жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатлар асосан шаҳар марказидаги «Баҳор» ва «Ойбек» маҳалла фуқаролар йиғинларида кўп қайд этилмоқда, – дейди Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи, майор Зокиржон Матмусаев. – Сабаби, бу ердаги 4 та бозор жиноятчилик ҳолатларини содир этиш воқеа жойи марказига айланган. 

Бу ерда ўғирлик, фирибгарлик билан боғлиқ жиноят аломатлари сезиларли равишда ошган. Айни кунда жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатларни олдини олиш, унга қарши курашиш мақсадида бозор ҳудудидаги аҳоли гавжум жойлар, савдо тармоқларига юздан ортиқ видеокузатув камералари қўйилди, қўшимча ички ишлар ходимлари жалб этиш ишлари олиб борилмоқда. Асосий мақсадимиз иллатга қарши кенг жамоатчилик билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориш.

Бағрикенглик, кечиримлилик халқимизга хос фазилатлардан. Бу азалий қадриятлар кундан-кунга бардавом бўлиб бормоқда. Билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган шахслар афв этилмоқда, уларни тўғри йўлга тушиб олишлари учун имкониятлар берилмоқда. Жорий йилнинг шу кунига қадар 137 нафар афв этилган, жазо муддатини ўтаб қайтган шахслар бандлиги таъминланди. Аммо бу берилган имконият, имтиёзларни суистеъмол қилиш учун асос бўлиб қолмаслиги керак. Фарғона шаҳрида содир этилган жиноятлар кўлами таҳлилларига кўра, судланганлар томонидан 81 та ҳолатда қайта жиноят содир этилган.

Фарғона шаҳар Қашқарқишлоқ кўчасида яшовчи Қобил Исақов ана шундай шахслар тоифасидан чиқиб қолди. У ўтган йили ҳам маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлсада ундан тегишли хулоса чиқариб олмади. Жорий йил 19 март куни спиртли ичимлик ичиб олиб, жамоат жойbда юриш-туриш қоидаларини менсимай арзирли сабабларсиз фуқаро Ш.М.ни уятли сўзлар билан ҳақорат қилди.

Маъмурий суд ҳуқуқбузар фаолияти билан боғлиқ иш ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, тегишли моддаларини қўллаган ҳолда узил-кесил қамоқ билан боғлиқ жазо тайинлади. Чунки иш материаллари ва судда ҳуқуқбузар Қ.Исақовни жамиятдан ажратган ҳолда қамоқ жазоси тайинлаш орқали тарбиялаш мумкинлиги аниқланди.

«Ойбек» маҳалла фуқаролар йиғини Фарғона шаҳридаги кўҳна масканлардан. Маҳалла ҳудудида буюм, қурилиш маҳсулотлари бозорлари ва бошқа кўплаб маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолияти йўлга қўйилган. Бир сўз билан айтганда, катта маҳалланинг ўзига хос юмушлари, муаммолари бор. Хусусан, жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатлар ҳам бу ерда юқори. Ўтган тўрт ойда ушбу ҳолат 14 тага ошган.

– Ички ишлар органлари маълумотларига кўра, маҳалламизда 21 та жиноят ишлари рўйхатга олинган, – дейди фуқаролар йиғини раиси Рустамжон Тожибоев. – Аммо ушбу жиноятлар фабуласи таҳлил қилинганида маҳалла фуқаролар йиғинида қайд этилган жиноятларнинг 12 таси шаҳарнинг бошқа ҳудудларида содир этилган бўлсада, номаълум сабабларга кўра, бизнинг маҳалла ҳудудида содир этилган деб кўрсатилган. 

Қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғинида рўйхатга олинган 5 та жиноят ҳам бошқа ҳудудлардан келган шахслар томонидан содир этилган. Маҳалламизда доимий яшовчи фуқаролар томонидан 2019-2020 йилларда бирорта жиноят содир этилгани йўқ. Лекин бу хотиржамликка асос бўлмайди. Маҳалла фаоллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари ўтказиб келяпмиз.

Сирасини айтганда, жиноятчиликка қарши курашиш ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки маҳалла фуқаролар йиғини раисининг иши деб қараш ноўрин. Унга қарши ҳамжиҳатликда кураш олиб бориш, тарғибот тадбирларини қоғозда эмас амалда кўрсатиш, унинг таъсир доирасини кучайтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан эканлигини унутмаслигимиз керак. Ана шунда жиноятчиликка қарши ҳамжиҳат бўлиб кураша оламиз.