Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими Р.Қ.Холматов, секторлар раҳбарлари, тегишли давлат идоралари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этди. Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда Тошкент вилоят прокурори С.И.Самадов маъруза қилиб, коррупция ҳолатига йўл қўйган идора ва ташкилотлар бўйича аниқ мисоллар билан тўхтатилиб ўтди.
Таассуфки, вилоятимизда сўнгги икки йилда 413 нафар мансабдорлар турли кўринишдаги коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жавобгарликка тортилди.

Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 42 млрд. сўмдан ошади.
Сўнгги икки йилда вилоят бўйича, аҳамият беринг, 49 млрд. сўм бюджет маблағларини талон – торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 481 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.

Бундай ҳолатлар, асосан, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, банк, энергетика, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ҳисобига тўғри келади.
Шу ўринда, бюджет маблағларининг рационал тақсимланиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул – молия органлари ўзига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажармаётганлигини ҳам айтиб ўтишимиз керак.

Эътибор беринг, 2018 – 2019 йиллар ва жорий йилда ҳуқуқни
муҳофаза қилувчи органлар ташаббуси билан ўтказилган текширишларда, 35 млрд. сўмлик талон – торожликлар фош этилган бир пайтда, давлат молиявий назорати идоралари ташаббуси билан 18,6 млрд. сўмлик ёки қарийб икки баробар кам талон – торожлик ҳолатлари аниқланган.
Ўтган даврда прокуратура ташаббуси билан мазкур йўналишда ўтказилган текширишларда 10 та жиноят иши қўзғатилган.
Масалан, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бош иқтисодчиси Х. янги қурилаётган мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлаш учун, ўзи норасмий раҳбарлик қилаётган “Aброр тех таъминот” МЧЖдан музлатгич ва бошқа маиший буюмларни жами 258 млн. сўмга юқори нархда харид қилган.
Ёки, ушбу бошқарма бошлиғи ўринбосари А. сохта танловлар ўтказиб, “Хур Техно” МЧЖдан мебель жиҳозларини 486 млн. сўмга юқори нархда харид қилиб, бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сўнгги икки йилда молия органларининг 7 нафар ходими коррупция ва суиистеъмолчиликларга қул ургани учун жиноий жавобгарликка тортилди.
Бу идорада асосан, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини яшириш, текшириш ўтказмаслик, бюджетдан ажратилган маблағни ўз вақтида ўтказиб бермаслик, шунингдек штатларни белгилаш жараёнида суиистеъмолчиликлар содир этилмоқда.

Масалан, Олмалиқ шаҳар молия бўлими бошлиғининг 1 – ўринбосари Э. туғруқ комплекси бош шифокори Т.дан комплексга қўшимча 10 та штат ажратиш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 800 доллар олганлиги учун суд ҳукми билан жазога тортилди.

Ёки, Молиявий назорат бошқармаси ходими Н. Тошкент вилояти ихтисослаштирилган маданият мактаби директори Ахмаджоновадан текширишда зарар миқдорини оширмаслик эвазига 1.400 АҚШ долларини пора тариқасида олаётган вақтида жиноят устида ушланган.

Энг ташвишлиси, бюджет назоратига масъул ушбу тизимнинг ўзида ҳам бюджет маблағлари тап тортмасдан, талон – торож қилинмоқда.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 9 нафар ходими пенсия учун ажратилган маблағларни талон – торож қилганлиги ва бошқа суиистеъмолчиликлари учун қонун олдида жавоб берди.
Масалан, жамғарманинг Пискент тумани бўлими бош инспектори М. “Халқ банки” кассири Ҳ. билан бирга, аҳамият беринг, 142 нафар вафот этган фуқаролар номига пенсия расмийлаштириб, жами 86 млн. сўмни ўзлаштирган.


Ёки, пенсия жамғармаси Бекобод шаҳар бўлими пенсия нафақалари тўлови гуруҳи раҳбари Й. фуқаро Д.ни нафақага чиқариш эвазига 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланиб, қамоққа олинган. Сўнгги икки йилда банкларнинг 11 нафар мансабдор шахслари коррупция ва мансабдорлик жиноятлари учун жавобгарликка тортилди. Масалан, “Ўзсаноат-қурилишбанк” вилоят минтақавий филиали мансабдор шахслари мансаб сохтакорлигига йўл қўйиб, “Мухаммад хамкор” хусусий корхонасининг ҳисоб рақамидан 930 млн. сўм пул маблағларини молиявий ёрдам сифатида “Oриент блек” МЧЖга ўтказиб, жуда кўп миқдордаги пул маблағларини талон-торож қилишган.

Ёки, “Халқ банки” Қуйичирчиқ тумани филиали раҳбари К. бўлим бошлиғи А. билан жиноий тил бирикитириб, 41 нафар кам таъминланган фуқарога ажратилиши лозим бўлган 104 млн. сўмлик имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириб юборишган.
Паркент тумани ДСИ бошлиғининг биринчи ўринбосари Х. “Ревеню стрим” МЧЖнинг мол-мулк солиғидан 20 млн. сўм, ер солиғидан 7,5 млн. сўм, 14 нафар якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий солиқ ва суғурта бадалидан 20 млн. сўм, жами 60 млн. сўм маблағларни талон-торож қилган.
Ўтган даврда 40 та ҳолатда 493 млн. сўмлик қўшимча манбалар солиқ базасига қамраб олинмаган.
Оққўрғон туман ҳокимининг ўринбосарлари Ш, Н, М ва бош архитектор М, кадастр бўлими бошлиғи М ўзаро жиноий тил бириктириб, туман марказидаги бузилишга тушмаган 2 та объект бўйича “Қизил чизиққа” тушганлиги ҳақида соҳта ҳужжатлар тайёрлаб, 643 млн. сўм пулларни компенцасия сифатидан тўлаб бериб, бюджет маблағларини растрата қилганлар.

Шунингдек, 205 та турар ва нотурар жой эгаларига тўланган компенцасия пулларидан 5-10 фоиздан жами 694 млн. сўм пулларни чегириб қолганлар.
Мазкур ҳолатлар юзасидан 7 нафар мансабдор шахснинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Ёки, Бўка туманидаги 42 нафар эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида Аросаноат касб-ҳунар коллежининг 22 йилдан буён ишламай турган ётоқхонаси биносини реконструкция қилиш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ажратилган 1,5 млрд. сўм маблағларни 455 млн. сўми “Бўка улкан қурилиш” МЧЖ томонидан талон-торож қилинган.

Вилоятда ерларни талон-торож қилиш оммавий тус олган десак, адашмаган бўламиз.
Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ю. “Валиев Инвест барака” фермер хўжалиги раҳбари Валиев билан тил бириктириб, хўжаликнинг 30 сотих ер майдонини сохта кадастр ҳужжатлари расмийлаштириш орқали яқин қариндошлари номига ўтказиб, кейинчалик бошқа шахсларга жами 38.400 долларга сотиб юборган.
Олмалиқ шаҳар ҳокими ўринбосари А. 16 ноябрь куни шаҳарнинг Тотувлик маҳалласидаги 15 сотих ер майдонига умрбод эгалик қилиш ҳақидаги қарор чиқариб беришда амалий ёрдам кўрсатиш эвазига фуқаро Атакуловдан 15 минг АҚШ долларини пора тариқасида талаб қилиб, 5 мингини олган вақтида ушланган.

Бўстонлиқ туман ҳокими ўринбосари М. фуқаро М.га якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 5 сотих ер майдони ажратиб бериш эвазига 25.000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида қўлга олиниб, ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми билан жавобгарликка тортилди.
Бу каби ҳолатлар бўйича ҳозирда жами 24 нафар шахс жавобгарликка тортилиб, қамоққа олинди.
Жиноят оқибатида, давлатга 1 млрд. 784 млн. сўм зарар етказилганлиги аниқланди.
Янгийўл шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори А. ва бошқалар, хақ тўланадиган жамоат ишлари учун ажратилган 66 млн. сўм пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.

Ёки, Юқоричирчиқ тумани маркази ходими Қ. фуқаро Т.ни ҳамшира вазифасига ишга киритиш эвазига 1,5 млн. сўм пулни олган вақтида ушланган.
Пандемия шароитида соғлиқни сақлаш тизимидат хизмат қилаётган тиббиёт ходимларининг машаққатли ва
шарафли меҳнатлари алоҳида эътироф ва таҳсинга сазовор. Ўтган 10 ойда тизимдаги 27 нафар шахслар “қинғир
ишлар”га қўл ургани шундан далолат беради. Энг ачинарлиси, пандемия туфайли халқимиз бугун мураккаб синовларни бошдан кечираётган бир пайтда, халқимизни бу офатдан асрашга қаратилган ресурсларга “кўз олайтираётган ноинсофлар” ҳам учрамоқда.

Вилоят санитария – эпидемиологик осойишталик маркази собиқ раҳбари Б. шериклари билан бирга вирусга қарши тадбирлар учун ажратилган 1,1 млрд. сўм маблағларни ўзлаштирганлар. Янгийўл туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари махсус кийим ва тиббий ниқобларни 92 млн. сўмга қиммат нархда харид қилган бўлса, Қуйичирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари карантин тадбирлари учун ажратилган 36,7 млн. сўмлик дори – дармонлар камомадига йўл қўйишган.

Муқаддам фирибгарлик жинояти учун 3 марта судланган Ш.га яна имкон берилиб, унга Оққўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг фуқаролар мудофааси бўйича мутахассиси вазифасида иш берилган. Лекин, “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек,
Ш. суд ҳукмига асосан озодликни чеклаш жазосини ўтаб келаётганган бўлсада, қайта жиноятга қўл уриб, ишга киритиб қўйиш эвазига Байматовадан 300 АҚШ доллари, Юсупалиевадан 1 млн. 450 минг сўм ва 100 доллар, Қорабоевадан 400 доллар ва 900 минг сўм, Турғуновадан 100 долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборган.

Йиғилиш якунида маъруза келтирилган ташкилот ва идоралар раҳбарларининг тушунтиришлари эштилди ва бу иллатга қарши кўрашиш бўйича аниқ режали тадбирлар белгилаб олинди.

Тошкент вилоят прокуратураси.